2000 йилдан буён Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти энергия сиғими (маҳсулот тайёрлаш, хизмат кўрсатиш бўйича технологик жараёнда энергия истеъмол қилиш қиймати) икки марта камайди ва янада камайиш салоҳиятига эга. Бу ҳақда «Энергия самарадорлиги — иқтисодиётни янада ривожлантиришнинг асосий омили» конференциясида айтиб ўтилди, деб ёзади «Газета.uz».
«Ўзбекистон ЯИМ энергия сиғими 2000 йилдан буён 0,98 нефть эквивалентидаги тоннадан 0,48 гача пасайди», — дейилади тадбирни Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этган Иқтисодиёт вазирлиги маърузасида.
Ўзбекистонда айни пайтда саноатнинг энергия самарадорлигини Жаҳон банкининг 125 миллион долларлик кредитлари ҳисобидан ошириш дастури амалга оширилмоқда. Бу соҳага киритиладиган инвестициялар энергетика тизимлари, ишлаб чиқариш ускуналарини алмаштириш ёки модернизация қилиш, иситиш учун иккиламчи иссиқликдан фойдаланиш, қайта ишланадиган энергия манбаларини қамраб олади.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 2030 йил охиригача энергия манбаларига бўлган талаб 2013 йилга нисбатан 5,5 фоизга ўсади ва ЯИМнинг йилига 8—8,5 фоизга ўсиши суръати сақланиб қолган ҳолда 43,5 миллион нефть эквивалентидаги тоннани ташкил этади.
Изоҳ (0)