Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик марказида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Эрон ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар беради «ЎзА».
Тадбирда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, банк-молия, нефть-газ, кимё, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик, фан ва технологиялар, транспорт ва транспорт коммуникациялари, божхона, сайёҳлик, электротехника каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, компания ва концернлари раҳбарлари иштирок этди.
Икки мамлакат ҳам савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида улкан салоҳиятга эга. 2014 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 374,9 миллион, жорий йилнинг биринчи чорагида 140,9 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Ўзбекистонда Эрон сармояси иштирокида тузилган 120 га яқин қўшма корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистонда ушбу мамлакатнинг 8 етакчи компанияси ўз ваколатхонасини очган.
Транспорт-коммуникация соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг истиқболли йўналишидир. 2011 йилда Ўзбекистон—Туркманистон—Эрон—Ўмон темир йўл коридорини ишга тушириш бўйича битим имзолангани бунга мисол бўла олади.
Музокарада Эрон делегацияси Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли хусусийлаштириш жараёни, иқтисодиётни ривожлантириш йўлида изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилаётган шароитлар, «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен» индустриал зоналаридаги имкониятлар билан таништирилди.
Музокарада ўзаро ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Савдо, иқтисодиёт, транспорт ва транзит, божхона, фан ва техника, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик, банк-молия каби йўналишлардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)