Mail.Ru Group таркибига кирувчи, иш излашга мўлжалланган HeadHunter онлайн-сервиси 1 июндан бошлаб Ўзбекистон, Грузия ва Қирғизистонда ўз сайтини очди, деб хабар қилади «РБК».
HeadHunter’нинг янги версияси ҳозирча рус тилида ишламоқда. Тез орада унинг мобил дастури, 2015 йил охирига бориб эса ҳар бир давлатнинг ўз тилидаги версияси ишга туширилиши кўзда тутилган.
Янги сайтлар — Грузия учун Headhunter.ge, Ўзбекистон учун hh.uz ва Қирғизистон учун headhunter.kg номлари остидан 1 июндан ишга тушди. Ҳозирда сайтнинг Ўзбекистон учун аталган версиясида 3 мингдан ортиқ иш изловчиларнинг резюмеси бор. HeadHunter кузгача иш берувчиларнинг эълонлари учун пул олмайди.
HeadHunter’нинг мақсади янги бозорларда ҳам етакчилик қилиш. Ҳозирда сервис Қозоғистон, Украина, Беларусь ва Озарбайжонда етакчилик қилмоқда.
Rabota66.ru асосчиларидан бири Евгений Островский айтишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда Myjob.uz ўзини етакчи деб ҳисобламоқда. Uzjobs.uz ва Россиянинг Superjob.uz сайтлари кейинги поғоналарда бормоқда. «Аммо бозор ва унинг етакчилари ҳақида гапириш шарт эмас. Бозор умуман йўқ – пул мутлақо нул ва яқин келажакда ҳеч нима ўзгармайди», — деди Островский.
Изоҳ (0)