Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Жанубий Корея президенти Пак Кин Хэнинг таклифига биноан 27 май куни давлат ташрифи билан Жанубий Кореяга келди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Жанубий Корея протоколига мувофиқ Ўзбекистон Президенти шарафига Сеул аэропортида икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди. Расмий кутиб олиш маросимидан сўнг Ўзбекистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.
ЎзАнинг хабар беришича, Сеул кўчалари Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг давлат байроқлари, олий мартабали меҳмонни қутловчи шиор ва баннерлар билан безатилган.
Ушбу ташриф Ўзбекистон – Жанубий Кореянинг мунтазамлик касб этган олий даражадаги учрашувлари доирасида ўтмоқда.
Ўзбекистон Президенти давлат ташрифининг асосий тадбирларини, жумладан, Жанубий Корея Президенти ва бошқа раҳбарлари билан расмий музокаралар, етакчи компаниялар раҳбарлари иштирокидаги учрашувларни 28-29 май кунлари ўтказиш мўлжалланган.
Аввал хабар қилинганидек, ташриф чоғида икки давлат раҳбарларининг қўшма декларацияси қабул қилиниши ва ўзаро муносабатларни 2014 йилда имзоланган Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларация руҳида мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)