Ўзбекистон халқ артисти Таваккал Қодиров хотирасига бағишланган кўрик-танлов 2015 йилнинг 15 май куни соат 10:00 да Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғида бўлиб ўтади. Бу ҳақда танлов ташкилотчиси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Республика халқ ижодиёти ва маданий-маърифий ишлар илмий-методик маркази хабар бермоқда.
Тадбирдан мақсад «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш, Ўзбекистон халқ артисти Таваккал Қодировнинг бой маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, айни шу йўналишда ижод қилаётган истеъдодли ёшларни аниқлаш, янги овозларни кашф этиш, қўллаб-қувватлаш ва катта саҳналарда ўз овоз имкониятларини намойиш этишларига ёрдам беришдан иборат.
Икки йилда такрор ўтказиладиган мазкур кўрик-танловда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда фаолият олиб бораётган хонандалар ёши чекланмаган ҳолда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади. Таваккал Қодиров ижро этган қўшиқларни куйлаб келаётган 100 нафарга яқин ҳаваскор хонандалар ҳудудий босқичларда иштирок этиб, шуларнинг орасидан 20 нафар ғолибликни қўлга киритган иштирокчи Республика босқичида ўз санъатларини намойиш этади.
Изоҳ (0)