Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги «Фарҳод» маданият саройи бадиий жамоалари 8 май куни Тошкентда концерт берди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар бермоқда.
«Қизилқум жавоҳирлари» деб номланган тўртта икки соатлик концерт дастурлари Хотира ва қадрлаш куни ҳамда фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 70 йиллигига бағишланган. Навбатдаги концерт дастурлари 10 май куни «Туркистон» саройида бўлиб ўтади.
Ҳар бир концертда 20га яқин ижодий жамоалар 30 саҳна кўринишини намойиш этади. Ўзбекистон пойтахтига «Фарҳод» МСнинг турли ансамбллари, гуруҳлари, рақс ва бошқа жамоаларидан 440га яқин иштирокчи келган.
Тошкентда «Ивушка» хор ансамбли, «Ниҳол» миллий мусиқа асбоблари оркестри, «Сардоба» ва «Ширин» фолклор-этнографик жамоалари, «Сказ» рус миллий мусиқа асбоблари оркестри, «Садо» ансамбли, «Sonata» эстрада рақс ансамбли, «Флеш Денс» замонавий рақс ансамбли, Халқ академик капелласи, «Марварид» хореография ансамбли ва бошқа жамоалар ўз иқтидорини намойиш этади.
Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, кекса фуқаролар концертнинг асосий меҳмонларидир. Шунингдек, «Фарҳод» МСнинг концертларига меҳрибонлик уйлари ва турли ижодий муассасаларнинг тарбияланувчилари мунтазам равишда ташриф буюришади.
«Туркистон» санъат саройи фоесида эса «Фарҳод» МС ижодий жамоалари, хусусан, Болалар ижодиёти маркази қатнашчиларининг ишларидан ташкил топган тасвирий санъат кўргазмаси билан танишиш мумкин.
Маълумот учун, «Фарҳод» маданият саройида 75та ижодий жамоа фаолият олиб бораётган бўлиб, уларга 1,5 минг болалар ва катталар қатнайди.
Изоҳ (0)