Швейцариялик учувчи Хитой ва Гавайи ороллари ўртасидаги саккиз минг километрлик масофани қуёш батареясида ҳаракатланувчи самолётда тўхтовсиз босиб ўтмқочи, деб ёзади «TJournal.ru».
Парвоз швейцариялик учувчилар Бернар Пикар ва Андре Боршбергнинг Ер сайёраси бўйлаб тўртала двигатели фақатгина қуёш энергиясида ишловчи Solar Impulse 2 самолётида ўтказаётган саёҳатининг бир қисми бўлади. Гавайигача парвоз беш кун давом этиши кутилмоқда.
Хитойнинг Нанкин шаҳрида Гавайи оролларигача самолёт штурвали Бошбергда бўлади, Пикар эса Ердан назоратни амалга оширади. Гавайидан Аризонагача эса улар ўзаро жой алмашади.
Оғирлиги атиги 2,3 тонна бўлган самолёт қанотлари қамрови 71,9 метрни ташкил этади (200 тонналик Boeing 747’да бу 68,45 метрга тенг). Кабинада тик туриш учун жой йўқ, учувчи креслонинг ўзида ўтириши ва ётиши мумкин. Учувчи иситувчи кийим, кислород ниқоби, парашют билан таъминланган.
Янгиланувчи энергия манбалари ҳақидаги хабардорликни ошириш мақсадида йўлга қўйилган Solar Impulse 2 самолётидаги саёҳат 9 март куни Абу-Дабида бошланган бўлиб, Маскат, Аҳмадобод, Варанаси, Мандалай, Чунцин, Нанкин, Гавайи, Финикс, Нью-Йоркка боради, кейин эса Европа ёки Шимолий Африкага йўл олади.
Изоҳ (0)