Яманнинг собиқ президенти Али Абдуллоҳ Солиҳ давом этаётган қуролли можароларга қарамай мамлакатни тарк этмаслигини маълум қилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
«Мен ўзига уй излаш учун Жидда, Париж ёки Европага кетадиганлардан эмасман. Менинг мамлакатим — менинг Ватаним. Али Абдуллоҳ Солиҳга ‘ўз мамлакатингдан чиқиб кет’ дейдиган киши ҳали туғилмаган, туғилмайди ҳам», − деб ёзган Солиҳ ўзининг Facebook’даги саҳифасида.
Аввалроқ, Al Arabiya телеканали Али Абдуллоҳ Солиҳ Форс кўрфази мамлакатларидан унинг Ямандан чиқиб кетишида хавфсизликни таъминлашни сўраганини маълум қилган. Солиҳ ҳам хусийлар етакчилари сингари АҚШ ва БМТнинг санкциялар рўйхатидан ўрин олган.
Саудия Арабистони бошчилигидаги араб давлатлари коалицияси 26 март куни Яманда хусий қўзғолончиларига қарши ҳаво операциясини бошлаган эди. Операциядан мақсад — хусийлар ва Солиҳнинг бошқа тарафдорларидан Яман президенти Абд Раббо Ҳодийга мамлакат устидан назоратни қайтариб олиб бериш.
Изоҳ (0)