Aznur Travel сайёҳлик компанияси 2 апрель, пайшанба куни Тошкентга 2 та янги икки қаватли автобусларни олиб келди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» компания директори Улуғбек Нурматовга таяниб.
Ушбу даблдекерлар пойтахтда қатнаётган иккита автобусга қўшимча равишда экскурсия йўналишида ишга туширилади.
Higer маркасидаги автобуслар Шанхайдан «Tashkent city tour» ёзуви, Ўзбекистон сайёҳлик логотипи ва саккизта давлат (аудиогид тиллари сонига кўра) байроқлари туширилган ҳолда ўзлари юриб келди. Айни пайтда улар божхонада расмийлаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йил 17 январдан Тошкентда илк икки қаватли экскурсия автобуслари қатнай бошлади. Aznur Travel сайёҳлик компанияси турлар ташкилотчиси ҳисобланади.
Автобуслар махсус аудиотизим билан жиҳозланган. Сайёҳлар аудиотурни саккизта — инглиз, немис, рус, ўзбек, француз, испан, япон ва хитой тилларида тинглаши мумкин. Автобуслар шунингдек имконияти чекланган кишилар учун махсус пандусларга эга.
Aznur Travel компанияси бундай даблдекерлар умумий сонини 15 тагача етказиб, Самарқанд ва Бухорода ҳам қўшимча экскурсия йўналишларини очмоқчи.
Изоҳ (0)