1-2 апрель кунлари соат 11:00 ва соат 14:00 да Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат марказида «ОДО» тикиш-бичиш ўқув курслари ўқувчиларининг йиллик ҳисобот намойиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Маънавият ва маърифат маркази етакчи мутахассиси Феруза Фузайлова хабар берди.
Мазкур анъанавий либослар кўргазмаси ҳар йили баҳор фаслининг илк ойларида ўтказилади. Бу йил ҳам ўқувчи қизлар энг яхши кундалик либослар, энг яхши устки кийимлар, энг яхши байрамона либослар, энг яхши спорт кийимлари, энг яхши оқшом либослари, энг яхши ошхона кийимлари ва анжомлари, энг яхши болалар кийими, энг яхши тўқилган либос, энг яхши келин кўйлаклари каби йўналишлар бўйича бир йил давомида қўлга киритган билимларини ўз ижодий ишлари орқали намойиш этди.
Ҳар бир номинация бўйича учта ўрин белгиланган бўлиб, ҳакамлар ҳайъати томонидан либослар чокининг текислиги, ижодий янгиликлари, аксессуарларнинг тўғри танланганлигига қараб баҳоланди.
Тадбир сўнгида энг яхши деб топилган ижодий иш соҳибалари ва намойишда фаол иштирок этган бир қатор қизлар фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли хонандалари томонидан куйланган куй-қўшиқлар ва марказ қошидаги рақс тўгараклари чиқишлари кечага ўзгача файз бағишлади.
Изоҳ (0)