Жорий йилнинг 1–4 апрель кунлари Ўзбекистоннинг барча туман (шаҳар)ларида билимлар беллашувининг иккинчи босқичи бўлиб ўтмоқда, деб хабар беради Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати.
Билимлар беллашуви 5–8-синф ўқувчилари ўртасида 16 та умумтаълим фанидан ташкил этилиб, танлов мактаб, туман (шаҳар), вилоят, республика босқчиларида ўтказилади. Бу йилги билимлар беллашувининг дастлабки мактаб босқичи январь ойида бўлиб ўтиб, унда 2 миллион нафарга яқин ўқувчи иштирок этди. Улардан 400 мингга яқини туман босқичига йўлланмани қўлга киритди. Мазкур босқичда ўқувчилар вилоят босқичига қатнашиш ҳуқуқини берувчи 1-ўрин учун курашади.
Беллашувда ўқувчиларнинг олган билимларини амалиётда қўллай олиш кўникмалари ёзма, оғзаки ва тест синовлари асосида аниқланади. Айниқса, чет тилларидан ўқувчиларнинг коммуникатив кўникмалари – ўқиб тушуниш, тинглаб тушуниш ва чет тилида мулоқот қилиш орқали синовдан ўтказилади.
Бу йилги беллашувларнинг аввалгиларидан фарқи умумий ўрта таълим мактаблари ва айрим фанлар чуқур ўрганиладиган давлат ихтисослаштирилган умумтаълим мактаблари ўқувчилари синовдан алоҳида-алоҳида ўтказилади.
Маълумот учун, билимлар беллашуви Халқ таълими вазирлиги томонидан 2010-2011-ўқув йилидан бошлаб ўтказиб келинмоқда.
Изоҳ (0)