«Спорт» канали орқали эфирга узатилган «Футбол шарҳи» кўрсатуви меҳмони бўлган таниқли мутахассис Ислом Аҳмедов терма жамоалар ва клублар бош мураббийлари ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди, деб хабар беради «Stadion.uz».
«Ҳозирги Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоалари бош мураббийлари аҳволига ҳавас қилмайман. Уларда футболчиларни жамоага танлаб олиш учун имконият кенг эмас. Сабаби, клубларимиз бош мураббийлари яхши савиядаги футболчиларни тарбияламай қўйди. Терма жамоалар бош мураббийлари 5 кун ичида яхши футболчини тарбиялай олмайди.
ЎзПФЛ ёрдамида декабрь ойи сўнгида Олий лиганинг 16 та клуби бош мураббийларини йиғдик. Унда замонавий машғулот ўтказиш борасида маъруза ўқидим ва амалий машғулотларда кўрсатиб бердим. Буни ким тушунди, қайси мураббий тушунмади, билмадим-у, аммо жамоаларнинг январь ойидаги машғулотларига эътибор берсам, барчаси яна ўша ўзи ўрганиб қолган эски тизимда ишлаётган экан. Уларнинг бирортаси замонавий асосда ишлашни истамади. Уларнинг бирортаси янгиликка интилмайди. Олий лига клубларининг тайёргарлик жараёни ачинарли аҳволда.
Бундан ташқари, Олий лига клубларимиз атрофида турли миш-мишлар кўпайиб кетган. Клуб ҳомийси жамоага пул берганидан кейин клуб президенти ва жамоа мураббийини таклиф қилиб, натижа талаб қилиш билан бирга сифатни ҳам талаб қилиши лозим. Жамоа мураббийлари ва футболчилари замонавий ишласин, ўйинни ўстирсин, яхши ўйин кўрсацин. Шунда турли миш-мишлар ўз-ўзидан йўқолиб, мухлислар стадионга қайтади. Бугунги кунда биз мухлисларни йўқотиб қўйдик-ку. Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз мухлисларни стадионларга қайтариш бўлиши керак. Шу боис терма жамоалар бош мураббийларига ачинаман», - деди Ислом Аҳмедов.
Изоҳ (0)