Ўзбекистонлик иқтидорли футболчи Асрор Ғофуров Туркия чемпионатида ўз кучини синаб кўрадиган бўлди. «Пахтакор» жамоаси тарбияланувчиси саналадиган 20 ёшли ярим ҳимоячи Туркия биринчи лигасида иштирок этувчи «Манисаспор» жамоаси билан шартнома имзолади, деб хабар беради «Stadion.uz».
Иқтидорли футболчи 1995 йил Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган. Футболдаги илк сабоқларини «Пахтакор» футбол академиясида олган.
«Футболга ёшлигимдан меҳр қўйганман. Дастлаб маҳаллада ўртоқларим билан футбол ўйнардик. «Миллионлар ўйини»га бўлган муҳаббатим борган сайин ортиб борди ва шу боисдан 2007 йил «Пахтакор» футбол академиясига келдим. Бу ерда Шуҳрат ака Раҳмонқулов қўл остида мазкур ўйиннинг сир-асрорларини ўргана бошладим. 2011 йил «Пахтакор»нинг иккинчи лигадаги жамоаси сафида тўп сурдим. Ҳаракатларим мураббийларга маъқул келган кўринади, келаси йилдан биринчи лигадаги жамоада ва ўринбосарлар таркибида майдонга туша бошладим. Икки йил давомида айнан мазкур жамоада маҳоратимни оширишга интилдим», — деди Асрор «Пахтакор»даги фаолияти тўғрисида.
«2014 йилда эса мени турк жамоасида кўрикдан ўтишга таклиф этишди. Мазкур таклифни рад эта олмадим. Боиси ёшлигимдан Европа жамоаларида ўйнаб, мухлисларнинг севимли футболчиларидан бири бўлишни орзу қиламан. Таклиф биринчи лига жамоаси – «Бучаспор»дан тушган бўлса-да уни жон деб қабул қилдим. Сабаби қуйи дивизион бўлса ҳам турк жамоасида ўйнаш – кейинчалик кучлироқ чемпионатга йўл олишда пойдевор вазифасини ўташи мумкин, деб ҳисобладим.
Шу тариқа ўтган йили августда «Бучаспор» йиғинига келиб қўшилдим. Мазкур жамоада 40 кун давомида кўрикдан ўтдим. Деярли барча масалалар ҳал бўлганди, бироқ жамоада молиявий муаммолар бор экан. Шу сабабдан бу клуб билан шартнома имзоламадим ва машҳур «Бешиктош» клуби томон равона бўлдим.
«Бешиктош»нинг У-21 жамоаси таркибида машғулотларда иштирок этдим. У ерда ўзим учун жуда кўп нарсаларни ўргандим. Шу орада «Манисаспор» жамоасидан яхши таклиф тушди. Бироз ўйлаб кўргач, мазкур жамоа йиғинига келиб қўшилишга қарор қилдим. «Бешиктош»дан олинган ижобий таассуротлар билан «Маниса»га келдим. Жамоанинг йиғинида иштирок этдим. Ўзимни ҳар томонлама кўрсатишга интилдим. Мураббийлар штабига ҳаракатларим маъқул келди ва шу тариқа «Манисаспор» билан шартнома имзоладим.
Шартнома муддати 3,5 йилга мўлжалланган. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби катта ишонч билдирди. Энди мана шу ишончни оқлаш учун қаттиқ меҳнат қиламан. Олдимга «Манисаспор»нинг етакчи футболчиларидан бирига айланишни мақсад қилиб қўйдим. Ушбу клуб сафида ўзимни кўрсатиш орқали кейинчалик Европанинг бошқа кучлироқ чемпионатларида ўз кучимни синаб кўрмоқчиман. Умид қиламанки, ушбу ниятим амалга ошади», - деди 20 ёшли ярим ҳимоячи.
- Майдондаги ўрни: Ярим ҳимоячи;
- Бўйи: 180 см;
- Оғирлиги: 70 кг.
Изоҳ (0)