2014 йилда валюта сиёсати унинг асосий тамойиллари, яъни миллий валютамиз сўмнинг барқарорлигини ҳамда ички валюта бозорида талаб ва таклифнинг мутаносиблигини таъминлаш мақсадларидан келиб чиқиб амалга оширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки матбуот хизмати маълум қилди.
Бунда асосий эътибор инфляцион жараёнларни жиловлашга, миллий валюта алмашув курси кескин тебранишларининг олдини олишга ҳамда экспортни қўллаб-қувватлашга қаратилди.
Ўз навбатида, валюта алмашув курсининг ўзгариб борувчи бошқариладиган усулини қўллаш орқали алмашув курсининг мақсадли коридор доирасида бўлиши таъминланди. Экспортни рағбатлантириш мақсадида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курсини босқичма-босқич пасайтириш чоралари кўрилди.
Натижада 2014 йил давомида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан айирбошлаш курси 10 фоизга пасайиб, 2015 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, бир АҚШ доллари 2422,4 сўмни ташкил қилди.
Мамлакатимиз ташқи савдо операцияларининг асосий қисми АҚШ долларида амалга оширилишини инобатга олиб, сўмнинг бошқа хорижий валюталарга нисбатан алмашув курсларини белгилашда операцион мўлжал сифатида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курсидан фойдаланилди.
Шунга мувофиқ, сўмнинг АҚШ долларидан бошқа хорижий валюталарга нисбатан алмашув курслари ушбу валюталарнинг ташқи валюта бозорларидаги АҚШ долларига нисбатан курслари динамикаси ва ички валюта бозорида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси таъсири остида шаклланди.
Олиб борилган валюта сиёсати таъсирида сўмнинг алмашув курси Хитой юанига нисбатан 7,2 фоизга, фунт стерлингга нисбатан 4,0 фоизга, Корея вонига нисбатан 5,7 фоизга ва Туркия лирасига нисбатан 2,1 фоизга пасайиб, экспортни рағбатлантиришга хизмат қилди.