Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июнда қабул қилинган «2013—2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Самарқанд вилоятида 95 та ана шундай марказ фойдаланишга топширилиши режалаштирилган эди. Бу ҳақда «Зарафшон» нашри хабар бермоқда.
Янги йил арафасида Пахтачи, Жомбой туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида маданият ва аҳоли дам олиш марказлари фаолият бошлади.
Пахтачи тумани Зиёвуддин шаҳарчасидаги маданият ва аҳоли дам олиш маркази анча йиллардан буён фойдаланилмай келаётган кинотеатр биносини реконструкция қилиш йўли билан барпо этилди. Байрам арафасида марказнинг очилиши туман аҳолисини, айниқса, бу ерда фаолият бошлаган тўгаракларга ошиқаётган ёшларни қувонтирди.
«Маданият ва аҳоли дам олиш марказини тўрт ой муддат ичида фойдаланишга топширдик, — деди «Нарпай стандарт» қурилиш ташкилоти раҳбари Қаҳрамон Розиқов. — Қиймати 360 миллион сўмлик бўлган мазкур бино, умид қиламизки, халқимизнинг яхши кунларига хизмат қилади. Масканда санъат ва маданиятга ошуфта бўлган фарзандларимиз камол топишига ишонамиз».
Изоҳ (0)