Ўзбекистон миллий терма жамоаси таркибида фаолиятидаги кетма-кет тўртинчи қитъа чемпионатига йўл олишидан аввал Темур Кападзе «Локомотив» билан шартнома имзолади, деб хабар беради «Stadion.uz».
Фаолиятини «Нефтьчи» ўринбосарлари сафида, ҳужумчи амплуасида бошлаган футболчи 2002 йил «Пахтакор» сафига қўшилди. У ерда Кападзени туркманистонлик мутахассис Тачмурад Агамуродов таянч ярим ҳимоячиси сифатида ўйната бошлади. Шу йилнинг ўзидаёқ терма жамоадаги дебютини нишонлаган Кападзе 2008 йил эркин агент сифатида «Бунёдкор» таркибидан жой олди. Осиё Кубоги — 2011даги муваффақиятидан кейин уни Жанубий Кореянинг «Инчхон Юнайтед» жамоаси ўз таркибига қўшиб олди. 2012 йил ярим мавсум «Шаржа» жамоасида фаолият юритган фарғоналик футболчи 2012 йил «Актобе» либосини кийди.
Эндиликда эса Темур «Локомотив» шарафини ҳимоя қилади.
Унгача «Олмалиқ» ярим ҳимоячиси Санжар Шоаҳмедов ва «Бунёдкор» футболчиси Олег Зотеев ҳам Вадим Абрамов жамоасига ўтганди.
Изоҳ (0)