22 декабрь куни Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтининг катта мажлислар залида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтган сайловда партиянинг иштироки ҳамда унинг натижаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар бермоқда.
Матбуот анжуманида партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров томонидан эътироф этилганидек, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида сўнгги йилларда миллий сайлов қонунчилигимизга киритилган янгиланишлар натижасида бу йилги сайловлар янгича ижтимоий-сиёсий шароитларда ташкил этилди.
Халқимиз ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда сайловларда фаол иштирок этишди. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра сайловларда сайловчиларнинг 89 фоизи иштирок этишди.
Ушбу муҳим тадбир сиёсий партияларни яна бир бор синовдан ўтказди.
Барча сиёсий партиялар сингари Ўзбекистон «Адолат» СДП ҳам сайлов кампаниясида даврида телевидение ҳамда радиодаги чиқишларда, газета ва журналларда чоп этилаётган мақолаларда ўзининг устувор ғоя ҳамда қарашларини очиқ, ошкора, эркин, ҳеч қандай чекловларсиз ва тенг шароитларда сайловолди ташвиқотини олиб борди. Яъни, сайлов кампанияси миллий ҳамда халқаро қонунчилик меъёрлари ва талабларига тўлиқ риоя этилган ҳолда олиб борилди.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳамда жойлардаги ҳудудий сайлов комиссиялари томонидан сиёсий партияларнинг сайловларда иштирок этиши билан боғлиқ барча ташкилий масалалар юқори савияда йўлга қўйилди. Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ҳам ушбу муҳим сиёсий тадбирда аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлашга, жамоатчилик назоратини ўрнатишга катта ҳисса қўшдилар.
Ўз навбатида бу йилги сайловларда сиёсий партиялар ўртасидаги кураш, ўзаро рақобат жуда юқори бўлганлиги қайд этилди.
Ўзбекистон «Адолат» СДП сайлов кампаниясига кирар экан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига жами 5924 нафар номзод кўрсатилди. Партия ва унинг депутатликка номзодлари яратилган барча имкониятдан самарали фойдаланган ҳолда, сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига, сайловларда уларнинг овозини олишга қаратилган фаол сайловолди ташвиқотини амалга оширди.
Аммо шунга қарамай сайлов натижалари партия учун қониқарли бўлмаганлиги қайд этилди. Сайловнинг дастлабги босқичи якунларига кўра партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодлардан атиги 17 нафари муваффақиятли ўтганлиги маълум қилинди.
Партия Сиёсий Кенгаши раҳбари қайд этганидек, ушбу натижа партия сайловолди штабининг фаолияти яхши ташкиллаштирилмагани, сайловолди ташвиқотини олиб боришнинг замонавий усуллари ва технологияларидан фойдалана олмагани партия электорати бўлган илм-фан, тиббиёт соҳаси вакилларининг салоҳиятидан етарли фойдаланмаганлиги яққол билиниб турибди.
Алоҳида таъкидланганидек, партия ва унинг номзодлари томонидан баъзи партияларга ўхшаб сайловолди ташвиқоти давомида умуман ўрнатилган тартиб қоидалар бузилмади. Партиянинг олдинда яна имконияти озгина бор. Яъни, 4 январь куни бўладиган такрорий овоз беришда партия бор кучини сафарбар қилади. Чунки ҳар бир депутатлик ўрни партия учун жуда муҳим.
Анжуманда сўз олган партия фаоллари сайлов натижалари партия имкониятларини чегараламаслигини, партия Олий Мажлис Қонунчилик палатасида эришган ўринларидан ҳамда маҳаллий кенгашларга сайланган депутатлик корпуси имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда партиянинг «Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони, Адолат — ҳар бир инсон учун» деган бош ғоясини амалга оширишга ҳаракат қилишини таъкидлашди.
Матбуот анжуманида журналистлар Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг сайловлардаги иштирокига оид саволларига партия фаолларидан жавоб олдилар.
Изоҳ (0)