Украинадаги Ровно шаҳридан бўлган 100 ёшли аёл кексалик нафақасини Европа суди орқали ундиришига тўғри келди, деб хабар бермоқда «Segodnya.ua».
Беш нафар фарзанднинг онаси бўлган Матрена Богданец икки жаҳон урушининг гувоҳи бўлган. Бутун умри давомида колхозда ишлаган аёл ўтган ойда ўзининг юз йиллигини нишонлади.Қайд этилишича, унга сўнгги 40 йил давомида бирор марта ҳам пенсия берилмаган. Матрена Богданец ўзининг иш тажрибасини тасдиқлай олмагани боис пенсияни гоҳ унинг ҳисобига ўтказишган, гоҳ бекор қилишган. Архивдан керакли ҳужжатларни қидириб топишга эса мансабдор шахслар «эринчоқлик қилган».
Натижада аёлнинг қизи судлаша бошлаган. Беш йил аввал Олий суд аёлнинг ҳисобига 1600 гривна (тахминан 100 доллар) ўтказиш ҳақида ҳукм чиқарган, бироқ ҳукм бажарилмаган. Туман пенсия фонди Матренанинг қиёфадоши пайдо бўлганини айтиб баҳона қилган.
«У аёл ишлаган хўжаликда бир-бирига ўхшаш икки инсон бор эди: фамилияси ҳам, исм-шарифи ҳам бир хил. Фақат туғилган йили бошқача эди», — деди Рокитновск туман Пенсия фонди бошқармаси раҳбарининг биринчи ўринбосари.
Матрена Богданецнинг қизлари ҳеч таслим бўлмай, Европа судига ариза берди. Натижада узоқ вақтдан бери Украина суди ҳал қилолмаган ишни Европа суди якунлади ва товон тўлаш ҳамда мазкур иш бўйича суд ҳукмини бажариш ҳақида қарор чиқарди.
Ҳозирда Матрена Богданец пенсия олмоқда. Бундан ташқари, унга 3000 евро миқдорида товон тўланди.
Изоҳ (0)