Тошкентда ҳаракатланишни бошлаши кутилаётган Ўзбекистондаги илк сайёҳлик даблдекерлари барча мавсумлар учун мўлжалланган бўлади. Бу ҳақда Aznur Travel компанияси бош директори Улуғбек Нурматов маълум қилди, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».
Унинг сўзларига кўра, автобуснинг иккинчи қаватида ёпиқ қисм ҳам бўлиб, у ердаги ҳарорат қишда иссиқ, ёзда салқин бўлади. Очиқ қисмида эса қор, ёмғир ва офтобдан ҳимоя учун махсус қоплама ҳам сақланади.
«Мақсадимиз − Тошкентга ташриф буюрадиган сайёҳларга хизмат кўрсатиш сифатини Париж, Лондон, Мадрид, Барселона каби шаҳарлар даражасига чиқариш. Автобусларни йўлга қўйишга деярли ҳамма нарса тайёр. Фақатгина аудиотурнинг якуний вариантини саккиз тилда − инглиз, немис, испан, француз, япон, хитой ва албатта ўзбек ҳамда рус тилларида ёзиш қолган», − деди Нурматов.
Қайд этилишича, автобус саёҳати нархлари хорижлик туристлар ва Ўзбекистон аҳолисига мос равишда ишлаб чиқилган. Болалар учун алоҳида тариф жорий этилиши кўзда тутилган. Автобусларга Wi-Fi ҳам ўрнатилади. Энг асосийси − чипта 24 соат давомида амал қилади. Исталган бекатда тушиб, тегишли обидани томоша қилиб, яна автобусда саёҳатни давом эттириш мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентга Шанхайдан олиб келтирилган иккита икки қаватли қизил рангдаги сайёҳлик автобусларига келаси йилнинг март−апрель ойларида яна иккита шундай автобус қўшилиши, умумий ҳисобда эса улар 15 тага етказилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)