Белоруссия президенти Александр Лукашенко ўз сиёсий фаолиятини якунлагач ўқитувчилик билан шуғулланишга тайёр эканлигини маълум қилди, деб хабар бермоқда ТАСС.
«Фаолиятимни якунлагач, соғлиғим кўтарса ўқитувчи бўламан ва бажонидил дарс бераман», − деди у Белоруссия давлат педагогика университетида қилган чиқишида. Лукашенконинг фикрича, унинг учун энг яхши лавозим олий ўқув юрти ректорлиги бўлади, бироқ у талабаларга дарс ўтишга ҳам қарши эмас.
Шунингдек, Белоруссия президенти мамлакатда ўқитувчиларнинг мавқесини ошириш лозимлигини, бу фақат маош билангина боғлиқ эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, авваллари ўқитувчилар ва мактаб ҳақида кўплаб ажойиб китоблар ва фильмлар яратилган, бироқ ҳозирги ижодкорлар бошқа қаҳрамонларни танламоқда ва бу жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатмасдан қолмайди.
Изоҳ (0)