Япониянинг Shimizu Corp. қурилиш компанияси ўзига хос экологик сув ости шаҳри — Ocean Spiral лойиҳасини тақдим этди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
Сув ости шаҳри беш мингга яқин кишини сиғдира олади. Лойиҳанинг тахминий қиймати уч триллион йенга тенг (25,3 миллиард доллар). Шаҳар лойиҳаси учта бўлимдан иборат, уларнинг биринчиси 500 метр диаметрли гумбаз бўлиб, унинг юқори қисми сув устига чиқиб туради.
Гумбаз марказида минора жойлашиб, унда 450 хонали меҳмонхона, апартаментлар, офис хоналари, шунингдек илмий тадқиқот маркази ташкил этилади.
Гумбазнинг пастки қисми 15 километрли спираль билан туташади, спираль иккинчи томондан денгиз қаъридаги манбаларни ўрганиш бўйича тадқиқот марказига бориб тақалади. Режаларга мувофиқ, сув ости шаҳридаги энергиянинг бир қисми генераторлар томонидан юзадаги илиқ сув ва океан тубидаги совуқ сув ҳароратлари ўртасидаги фарқ ҳисобидан ишлаб чиқарилади.
Изоҳ (0)