«Фили» тадқиқот роботи Чурюмов-Герасименко кометаси юзасида ҳаёт пайдо бўлишида иштирок этиши мумкин бўлган органик моддалар молекулаларини аниқлади. Бу ҳақда тадқиқотда қатнашаётган Германия агентлигига таяниб, The Wall Street Journal хабар бермоқда.
«Фили» сенсорларидан бири молекулаларни комета атмосфераси таҳлилидан сўнг аниқлаган. Улардан баъзилари ҳаёт учун зарур бўлган углерод атомларига эга.
Айни пайтда олимлар бирикмалар таркибини аниқлаш мақсадида маълумотларни таҳлил қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Европанинг «Розетта» номли зонди (атмосферанинг юқори қатламларини текшириш учун мўлжалланган аппарат)нинг тушириладиган модули — «Фили» 12 ноябрда Чурюмов-Герасименко кометасига қўнди. Таркибида «Фили» модули бўлган «Розетта» аппарати фазога 2004 йил март ойида Француз Гвианасида жойлашган Куру космодромидан учирилган эди.
«Фили» комета тупроғидан намуналар олиш учун махсус қурилма, спектрометр, фотокамера ва зарраларни таҳлил қилувчи ускуналар билан таъминланган. Мазкур жиҳозлар 4,5 миллиард йил аввал пайдо бўлганидан бери ўзгармай келаётган кометани ўрганишга ёрдам беради. Мутахассислар мазкур ноёб миссияга «фазовий археология» деб ном берди.
Изоҳ (0)