Буркина-Фасодаги ўтиш даврида дипломат Мишель Кафандо президентлик лавозимини эгаллади, дея хабар бермоқда Reuters.
Унинг номзоди армия, руҳонийлар ва сиёсий мухолифат вакилларидан иборат махсус кенгаш мажлисида тасдиқланди. Буркина-Фасонинг муваққат президенти лавозимига жами беш нафар номзод даъвогарлик қилган эди.
Энди Кафандо мамлакат бош вазири, шунингдек ўтиш даври ҳукуматининг 25 нафар вазирларини тайинлаши керак бўлади. Шу билан бирга у 2015 йилда ўтказиладиган президентлик сайловларида ўз номзодини тақдим эта олмайди.
72 ёшли Кафандо аввалроқ Буркина-Фасо ташқи ишлар вазири, шунингдек мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили бўлган.
Буркина-Фасонинг собиқ президенти Блез Компаоре 31 октябрь куни оммавий норозилик ҳаракатларидан сўнг давлат раҳбари лавозимидан ағдарилди. Ўшанда намойишчилар Буркина-Фасо парламенти ва давлат телевидениеси биносини эгаллаб олиб, «қора баҳор» бошланганини эълон қилган эди.
Изоҳ (0)