Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида машинани унинг ичида ухлаётган чақалоқ билан бирга эвакуация қилишди, дея хабар бермоқда «Российская газета». Эвакуатор ишчилари машина ойналари қорайтирилгани туфайли тўрт ойлик болакайни кўрмай қолган.
Санкт-Петербург бўйича Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекцияси хабарига кўра, тўхташ тақиқланган жойда турган Volkswagen’ни постдаги полициячи кўриб қолган. Машинанинг эшиклари берк бўлган, эгаси эса яқин атрофда кўринмаган, шунда ЙҲХДИ ходими эвакуаторни чақирган.
Жарима жойига кетишда ярим йўлда инспекторга ҳамкасблари қўнғироқ қилиб, машинада чақалоқ борлигини айтган. Боланинг отаси эвакуаторга етиб олиб, кўчма саватда тинчгина ухлаб ётган ўғлини машинадан чиқариб олган.
Айни пайтда ЙҲХДИ чақалоқнинг ота-онасини уни тўхташ мумкин бўлмаган жойда ёпиқ машина ичида қолдириб кетгани учун жавобгарликка тортиш бўйича ҳужжатлар тўпламоқда.
Изоҳ (0)