КХДР АҚШнинг Шимолий Корея ҳудудида ҳибсга олинган икки фуқароси — Кеннет Бэй ҳамда Мэтью Тодд Миллерни озод қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти берган маълумотга таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Келиб чиқиши Кореядан бўлган америкалик Бэй Чжун Хо (америкача исми Кеннет Бэй) КХДР томонидан «давлат тузумини бузишга урингани учун» 15 йилга ахлоқ тузатиш ишларига маҳкум этилганди. Миллерга нисбатан эса «муҳожирлик жараёнидан ўтаётганида қўполлик қилгани учун» ахлоқ тузатиш ва меҳнат лагерида олти йил мобайнида ишлаши ҳақида ҳукм чиқарилганди.
Маълум қилинишича, Бэй икки йил, Миллер эса етти ой мобайнида КХДР қамоқхонасида сақлангач, АҚШ уларнинг озод этилишига эришди. «Биз халқаро ҳамкорларимизга, айниқса, бизнинг манфаатларимизни ҳимоя қилаётган Швеция ҳукуматига Бэй ва Миллер жанобларининг озод қилинишига эришиш борасида тинмай ҳаракат қилгани учун миннатдорлик билдирамиз», — дейилади АҚШ Давлат департаменти баёнотида.
Давлат департаменти, шунингдек, АҚШ Миллий разведка хизмати раҳбари Жеймс Клепперга америкалик фуқароларнинг озодликка чиқишида кўмак бергани учун миннатдорчилик билдирди. Бироқ Жеймс Клеппер томонидан айнан қандай ёрдам кўрсатилгани ҳақида маълумот берилмади.
Маълумот ўрнида, АҚШ ва КХДР ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилмагани боис америкаликлар манфаатлари Пхенянда Швеция ҳукумати томонидан ҳимоя қилинади.
Изоҳ (0)