Мьянмада 19 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионати гуруҳ учрашувларининг 3-тур ўйинлари ўз якунига етди, деб хабар бермоқда Uff.uz.
Ўзбекистон — Австралия учрашувини ҳар икки терма жамоа жуда эҳтиёткорлик билан бошлади. Жамоалар буткул ҳужумга ташланиб, таваккал қилишни истамади. Ўзбекистон вакиллари позицион ҳужум ташкил қилиб, вазиятни ўз томонларига оғдиришга интилди. Аммо якуний зарбани йўллашда уларда бир қатор муаммолар пайдо бўлди. Ўз ўрнида Австралия термасида ҳам гол киритиш учун битта-иккита қулай вазиятлар юзага келди.
Аммо бу имкониятларни яққол голли вазият деб атаб бўлмайди. Ўзбекистон ҳимоячилари ва дарвозабони яхши ҳаракат қилиб, бу ҳужумларни бартараф этиб турди. Очиғи, бугунги ўйинда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларида БАА билан ўйинда кўзга ташланган иштиёқ унчалик кўринмади. Балки мураббийлар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишни талаб қилгандир. Нима бўлган тақдирда ҳам бу тактика биринчи бўлимда ўзини оқламади. Биринчи бўлимда Ўзбекистон дарвозаси дахлсизлиги сақланган бўлса ҳам, рақиб дарвозаси ишғол қилинмади.
Иккинчи бўлимда Австралия терма жамоаси 67-дақиқада ҳисобни очишга муваффақ бўлди. 82-дақиқага келиб, Забиҳилло Ўринбоев гол киритиб, ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди.
Австралиялик футболчилар ўйин охирларида ҳужумга зўр берди: дуранг натижа уларни қониқтирмаслиги табиий эди. Аммо бу вазиятларда Ўзбекистон дарвозабони яхши ҳаракат қилиб, хавфни бартараф этиб турди. Сўнгги дақиқалар Ўзбекистон учун анча таҳликали кечди. Аммо австралияликлар Ўзбекистон дарвозасига бошқа гол кирита олмади.
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси Австралия билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, келаси босқичга йўл олди. Энди Равшан Ҳайдаров бошчилигидаги футболчилар чорак финалда Таиландга қарши тўп суради.
Ўзбекистон — Австралия: 1:1
Голлар: З. Ўринбоев (82) — Стефан Инго (67).
Ўзбекистон: Дилшод Ҳамроев, Иброҳим Абдуллаев, Акромжон Комилов, Жавоҳир Соҳибов, Отабек Шукуров, Жамшид Болтабоев, Достон Ҳамдамов, Достон Турсунов, Хуршид Ғиёсов, Забиҳилло Ўринбоев, Элдор Шомуродов.
Австралия: Жордан Туртелл, Шайне Чунна, Даниел Алесси, Камерон Бургас, Кристофер Глигор, Стефан Маук, Питер да Силва, Авер Мабил, Жозуа Сотирио, Петрос Скапетис.
Изоҳ (0)