Июль ойида Украина шарқида қулаб тушган «Боинг» йўловчиларидан бири кислород ниқоби билан топилган. Бу ҳақда Нидерландия ташқи ишлар вазири Франс Тиммерманс de Volkskrant нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
«Кислород ниқобининг мавжудлиги йўловчида уни юзига тақиш учун вақт бўлганлигини билдиради, — дея таъкидлади вазир. — Биз бундай имкониятни истисно қила олмаймиз».
Нашрнинг эслатишича, аввалроқ экспертлар «Боинг» бортида бўлганларнинг барчаси лайнердаги герметикликнинг бузилиши натижасида лаҳзалар ичида ҳушини йўқотиб ҳалок бўлганига ишонч билдирган эди.
Эслатиб ўтамиз, 17 июль куни Malaysia Airlines’нинг Амстердамдан Куала-Лумпурга учиб кетаётган «Боинг-777» лайнери Украинанинг Донецк вилоятида қулаган эди. Самолёт бортида бўлган 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган.
Баъзи версияларга кўра, лайнер ракета билан уриб туширилган. Расмий Киев ва Ғарб мамлакатлари ҳодиса бўйича жавобгарликни айирмачилар бўйнига қўймоқда. Улар ўз навбатида авиаҳалокатга алоқадорликларини рад этиб, бунда Украина ҳарбийларини айбламоқда. Ҳалокат сабабларини аниқлаш билан Нидерландия шуғулланмоқда, қора қутилар расшифровкаси эса Буюк Британия ҳудудида амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)