Якшанба кунининг иккинчи ярмида Тожикистондаги барча саккиз интернет-провайдер Facebook ижтимоий тармоғини ёпиб қўйди. Фойдаланувчилар ҳозирда Facebook’га фақатгина анонимайзер ва прокси-сервер каби махсус дастурлар орқали кирмоқда. Бу ҳақда Korrespondent.net хабар берди.
Шанба куни кечки пайт фойдаланувчилардан Facebook’га киришнинг қийинлашгани ҳақида хабар келиб туша бошлади. Якшанба куни эса ижтимоий тармоқ бутунлай ёпиб қўйилди.
Мамлакатдаги интернет-провайдерлардан бирининг маълум қилишича, Facebook’ни ёпиб қўйиш ҳақидаги буйруқ ҳукумат нозири бўлган Алоқа хизмати томонидан телефон орқали берилган.
Қурбон ҳайити муносабати билан ўтаётган байрам кунлари туфайли ҳукуматдан ижтимоий тармоқ ёпилгани ҳақида изоҳ олишнинг иложи бўлмади.
Мутахассисларнинг фикрича, Тожикистонда бир миллиондан зиёд киши фойдаланадиган Facebook’нинг ёпиб қўйилиши унга 10 октябрь куни ўтказиладиган амалдаги ҳукуматга қарши намойишда иштирок этиш ҳақидаги чорлов жойлаштирилгани сабаб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойидан бери Тожикистонда YouTube ёпилган, Facebook’га кириш эса чекланган эди. Мазкур ижтимоий тармоқ икки маротаба — июнь ва июль ойларида ёпиб қўйилганди.
Изоҳ (0)