Google компанияси Ернинг олис ва ночор минтақаларига юқори тезликли интернетни доимий равишда етказиб берувчи илк аэростат (ҳаво шари)ларни келаси йилда ишга туширмоқчи. Бу ҳақда Project Loon лойиҳаси раҳбари Астро Теллерга таяниб The Wall Street Journal нашри хабар бермоқда.
Project Loon лойиҳаси ер усти база станцияси (маҳаллий интернет-провайдер томонидан хизмат кўрсатилади), ҳаво шарларидаги тармоқ қурилмаси, фуқароларнинг уйларидаги антенналардан иборат тармоқни яратишни кўзда тутади. Ҳар бир шар 40 километр диаметрдаги ҳудудга симсиз интернет тарқатиш имкониятига эга. Аэростатлар тахминан 20 км баландликда жойлашади ва шу тариқа тижорий авиалайнерлар парвозига халал бермайди.
Бугунги кунгача, Google ушбу технологияларни Янги Зеландия, Бразилия ҳамда АҚШнинг баъзи штатларидан синовдан ўтказди. Бразилиядаги синов чоғида компания ер устидаги антенналарга сониясига 22 мегабит, смартфонларга эса бир сонияда 5 мегабит тезликда ахборот узатишга муваффақ бўлишганини маълум қилди.
Google X махфий лабораторияси ўтган йилнинг июнида Project Loon лойиҳаси ҳақида оммага маълум қилган эди. Унинг ёрдамида компания бутун сайёрани, шу жумладан қишлоқ жойлар, чўллар, денгиз ва бошқа олис ҳудудларни интернет билан таъминламоқчи.
Изоҳ (0)