Хитой ҳукумати Apple компаниясининг iPhone 6 ва iPhone 6 Plus телефонларини сотишга рухсат берди, дея хабар бермоқда South China Morning Post.
Хитой Халқ Республикаси Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги 30 сентябрь куни Америка компаниясига iPhone 6’ни мамлакатдаги симсиз тармоқларда ишлатиш учун лицензия берганини эълон қилди. Таъкидланишича, бундан аввал «пухта синовлар» ҳамда Apple билан музокаралар ўтказилган. Компания хавфсизлик масалалари юзасидан вазирликка барча техник ҳужжатларни тақдим этган. Хитой вазирлигидаги шубҳа iPhone 6’да мавжуд бўлган ташхис воситаси билан боғлиқ бўлган.
iPhone 6 ва iPhone 6 Plus 19 сентябрдан АҚШ, Канада, Буюк Британия, Франция, Германия, Австралия, Гонконг, Сингапур ва Япониядаги тўққизта дўконда сотила бошлади. 26 сентябрдан янги қурилмалар яна 20 та мамлакат дўконларида пайдо бўлди.
Хитойда эса зарур рухсатномалар бўлмагани учун смартфонлар савдоси кечиктирилди, бу мамлакатга смартфонларнинг ноқонуний келтирилиб, ўта баланд нархларда сотилишига сабаб бўлди.
Apple компанияси вакиллари янги қурилмалар Хитойда 17 октябрдан савдога чиқишини маълум қилди.
Изоҳ (0)