WWW.uz миллий ахборот-қидирув тизими ишламай қолди. Сайтга қўйилган эълонда айни пайтда уни ҳам қурилмавий, ҳам дастурий қисмлари бўйича модернизация қилиш ишлари олиб борилаётгани қайд этилган.
«Хусусан, кластер тузилмасидаги маълумотлар базасини кучайтириш ишлари режалаштирилган», — дейилади хабарда.
Шу туфайли ҳозирда янгилаш ва маълумотларни янги тузилмага ўтказиш амалга оширилмоқда, бу ишлар 1 октябргача якунланади.
«Шунга қарамай, рўйхатдан ўтган сайтлар ҳисоблагичларидан маълумотларни йиғиш давом этмоқда ва улар йўқолиб кетмайди. Статистикани 1 октябрь 10:00 дан бошлаб кўриш мумкин бўлади», — дея таъкидланади эълонда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ WWW.uz миллий қидирув тизимининг ташрифлар статистикаси такомиллаштирилиши хабар қилинган эди. Шунингдек, WWW.uz’нинг сайтлар каталогига қўшилган сайтларни автоматик кузатиб бориш ва ишламаётган сайтларни автоматик равишда каталогдан чиқариб юборувчи алгоритм ҳам ишлаб чиқилиши айтилган эди.
Июль ойи бошида ишга тушган Ўзбекистон ОАВ сайтларининг Google Analytics статистик маълумотларига асосланган муқобил рейтинги — Metrika.uz эса ишлашда давом этмоқда.
Изоҳ (0)