20 сентябрь куни бўлиб ўтган онлайн-форумда «Откритая Россия» («Очиқ Россия») лойиҳаси янгиланган ҳолда ишга тушди. Михаил Ходорковский агар инқирозли вазиятдан чиқиб кетиш учун ундан Россия президенти бўлиши талаб қилинса, бу лавозимни эгаллашга тайёр эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда Le Monde нашрига таяниб, Gazeta.ru хабар бермоқда.
«ЮКОС» нефть компаниясининг собиқ раҳбарига келажакда Россия Федерациясининг президенти бўлиш билан боғлиқ режалари ҳақида савол берилганда, у «Агар инқирозни енгиш ва асосан президентлик ҳукуматини суд тизими, парламент ва фуқаролик жамиятига қайта тақсимлашни кўзда тутувчи конституцион ислоҳотни амалга ошириш зарурати туғилса, мен ўзимга ишнинг мана шу қисмини олишга тайёрман», — деб жавоб берди.
Шу билан бир вақтда, Ходорковский ҳозирда унинг олдига бундай вазифа қўйилмаганини қайд этди.
«Агар менинг ватаним яхши ривожланаётган бўлганида, мени Россия президентига айланиш тўғрисидаги фикр қизиқтирмаган бўларди», — деди Ходорковский.
«ЮКОС» собиқ раҳбарининг нутқини тинглаб, у сиёсий фаолият билан шуғулланишни мўлжалламоқда деган хулосага келиш мумкин, дейилади нашрда.
Изоҳ (0)