АҚШ Марказий разведка бошқармаси Ғарбий Европадаги шерик давлатларни кузатишни тўхтатди, деб ёзади «Российская газета». Бунга биринчи навбатда, Германияда агентларнинг қўлга олингани ва махсус хизматларнинг собиқ ходими Эдвард Сноуден Миллий хавфсизлик агентлиги ялпи электрон назорат олиб борганини фош қилгани сабаб бўлди.
МРБнинг махфий кўрсатмасига мувофиқ, Ғарбий Европадаги баъзи мамлакатларда ҳукуматдаги манбалар билан учрашиш, шунингдек янги агентларни ёллаш тақиқланди. Бироқ минтақадаги МРБ ходимлари маҳаллий разведкалардаги ҳамкасблари билан учрашиши ва уларнинг розилиги билан «баъзи операциялар»ни амалга ошириши мумкин.
«Танаффус» вақтида идорадагилар, фош бўлиш рискини ҳисобга олганда шериклар устидан кузатув олиб бориш қанчалик самарали экани ва харажатларни оқлаш-оқламаслиги масалаларини ўрганади. Бу ҳақда МРБ вакили анонимлик шарти билан маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, разведка фоалияти бўйича бундай қарор мувофиқ бўлмаган пайтда қабул қилинди. Айни пайтда АҚШ Европадан Сурияга бориб, жиҳодчилар томонида жанг қилаётганлар сони ортиб бораётгани, шунингдек Россия билан муносабатлар кескинлашаётганидан хавотир олмоқда. МРБ операциялари иттифоқдошларнинг террорчиликка қарши кураш ва бошқа масалалар бўйича режалари ҳақида маълумот олишга имкон берар эди.
Изоҳ (0)