Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳрида 2014 йил 19 сентябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (ШҲТ МАТТ) Кенгашининг навбатдаги йигирма бешинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда UzDaily.uz хабар бермоқда.
Мажлисда террорчилик намоён бўлишига қарши халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ШҲТ МАТТнинг Мўғулистон, Эрон Ислом Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикаси масъул органлари билан алоқаларини белгилаб берувчи ҳужжатлар кўриб чиқилиб, маъқулланди.
Мажлис доирасида трансчегаравий нефть ва газ қувурларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг ўзаро ҳамкорликдаги чоралари тасдиқланди.
Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар хавфсизлигига раҳна солувчи террорчилик, айирмачилик ва экстремистик ташкилотлар ҳамда гуруҳларнинг ноқонуний фаолиятига қарши биргаликда курашиш бўйича ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг мутахассисларидан иборат гуруҳни ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
ШҲТ МАТТ Кенгаши қарорларини амалга ошириш бўйича ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг ўтган даврдаги фаолияти ижобий баҳоланди. Ижроия қўмитасининг ҳамда ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари чегаравий хизматлари мутахассисларининг 2015 йил учун Ишчи дастурлари тасдиқланди.
ШҲТ МАТТ фаолиятини ривожлантириш ва ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшган ваколатли органлар ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитасининг қатор ходимлари Кенгаш Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Шунингдек, мажлис доирасида бошқа масалалар кўриб чиқилиб, керакли қарорлар қабул қилинди.
ШҲТ МАТТ Кенгаши раислиги Тожикистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига ўтди.
ШҲТ МАТТ Кенгашининг навбатдаги мажлиси 2015 йил март ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши келишиб олинди.
Изоҳ (0)