Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков мамлакатда ички интернетни глобал тармоқдан узиб қўйиш масаласи кўрилаётгани ҳақидаги хабарларни бутунлай рад этди. Бироқ Москва ғарбий шерикларнинг олдиндан айтиб бўлмайдиган хатти-ҳаракатлари туфайли киберхавфсизлик соҳасида ҳимоя чоралари устида ишлаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Interfax хабар берди.
«Табиийки, Россия глобал интернетдан узиб қўйилиши, бундай имконият кўриб чиқилаётгани ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас», — деди Песков.
Шу билан бирга у «сўнгги пайтларда АҚШ ва Европадаги шериклар хатти-ҳаракатларини олдиндан баҳолаб бўлмай қолгани ва ҳар қандай вазиятга тайёр туриш керак»лигини таъкидлади.
Россияда ахборот хавфсизлиги соҳада бундай чоралар устида иш олиб борилаётгани ҳақида берилган саволга Песков тасдиқловчи жавоб берди. Бироқ гап Россияни глобал тармоқдан чеклаш эмас, «уни сиртдан бўладиган хатти-ҳаракатлардан ҳимоялаш» ҳақида бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни «Ведомости» нашри Россия Хавфсизлик кенгашида интернетнинг Россия сегментини глобал тармоқдан вақтинчалик узиб қўйиш имконияти муҳокама этилиши ҳақида хабар берган эди. «Шу тариқа мамлакатда ҳарбий ҳаракатлар ёки норозилик намойишлари каби фавқулодда ҳолатлар чоғида давлат интернетнинг Россия сегментини ташқи дунёдан узиб қўйиши мумкин бўлади», — деб ёзган эди нашр.
Изоҳ (0)