Туркия ҳукумати кўчаларда тиланчилик қилишга нисбатан жарималар ва жиноий жавобгарлик жорий этди, дея хабар бермоқда ИТАР-ТАСС.
Хавфсизлик бош бошқармаси тегишли фармойишни тайёрлаб, мамлакатдаги полиция бошқармаларига жўнатди.
Сўнгги йилларда Туркиядаги йирик шаҳарларда кўплаб тиланчилар пайдо бўлган, деб ёзади нашр. Кўпинча улар ташкиллаштирилган гуруҳлар бўлиб, маҳаллий ва суриялик қочқин ўсмирларни ўз ичига олади. Катта шаҳарларнинг марказий туманларидаги чорраҳаларда улар ҳайдовчилар рухсатисиз автомобиль ойналарини ювишга уринади ва хиралик билан пул тилаб олади.
Тиланчиларга қарши чоралар қўллаш бўйича фаол муҳокамалар Истанбулда яқинда содир бўлган фожиадан сўнг бошланди: тиланчилар томонидан қуршаб олинган тўй кортежидаги машина улардан бирини босиб кетди.
Энди полиция йўлларда пул сўраб олиш бўйича ҳар қандай уринишларга барҳам беради. Туркия учун анъанавий бўлган, чорраҳаларда сув, рўмолча, зарядлаш қурилмалари билан савдо қилиш тақиқланади. Қонунбузарлар ҳибсга олиниб, маъмурий жавобгарликка тортилади ва 40 доллар миқдорида жарима тўлашга мажбур қилинади.
Изоҳ (0)