Жамоатчилик палатаси котибининг ўринбосари Владислав Гриб Россия бош вазири Дмитрий Медведевдан мактаблар ва болалар касалхоналарида газланган ширали ичимликларни сотишни тақиқлаб қўйишни сўради, дея хабар бермоқда «Известия» нашри.
Ҳукумат раҳбари номига ёзган хатида Гриб кока-кола ва бошқа шакарли алкоголсиз ичимликлар сотуви вояга етмаганлар ота-оналар назоратисиз сотиб олиш имконига эга муассасаларда ман этилиши кераклигига ишонч билдирган.
«Ҳар қандай шифокор тасдиқлаши мумкинки, ширали газли ичимликни тез-тез ва кўп миқдорда ичиш семириш, қандли диабет, ошқозон касалликлари каби соғлиқ билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаради», — дея ўз ташаббусига ойдинлик киритди Жамоатчилик палатаси вакили.
Ташаббус муаллифи кола савдоси Американинг қатор штатларида қонуний равишда тақиқланганини эслатиб ўтди.
Гриб Медведевни РФ Соғлиқни сақлаш вазирлигига кучли газланган ширали ичимликларни ишлаб чиқариш, тарқатиш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишни топширишга чақирди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигидагилар, бош вазир тегишли буйруқ берса, ушбу масала ўрганиб чиқилишини айтди.
Изоҳ (0)