8 сентябрь куни Жаҳон банки ва Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Ижроия қўмитаси Ҳамжиҳатлик тўғрисида меморандум имзолади, дея хабар бермоқда Жаҳон банки сайти. Ушбу ҳужжат уларнинг Марказий Осиёдаги сув манбалари, ижтимоий-иқтисодий ва экологик вазиятни бошқаришни яхшилаш соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлайди.
Меморандум Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг таъсисчи давлатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон)га учинчи Орол денгизи ҳавзаси дастури доирасида қатор тадбирлар ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилишни назарда тутади.
«Бугун имзоланган Меморандум Жаҳон банки ва Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ўртасидаги ҳамкорликни янги даражага кўтаради. Биз биргаликда ҳаётлари Амударё ва Сирдарёга боғлиқ миллионлаб кишиларнинг фаровонлигини таъминлаб берувчи қатор муҳим тадбирларни белгилаб олиш мажбуриятини ўз бўйнимизга олдик», — деди Жаҳон банкининг Марказий Осиё минтақаси бўйича директори Сарож Кумар Жа.
Жаҳон банки ва Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг Ижроия қўмитаси потенциал минтақавий ва миллий инвестиция лойиҳаларини ва техник ҳамкорликни аниқлашда биргаликда иш олиб боради. Ушбу лойиҳалар минтақавий даражада маълумотлар алмашунуви ва сув манбаларидан самаралироқ фойдаланиш, уларни бошқариш, тўғонлар хавфсизлигини ошириш ва табиий офатлар рискларини юмшатиш бўйича ахборот тизимини ишлаб чиқишга йўналтирилиши мумкин.
Изоҳ (0)