Саудия Арабистони апелляцион суди 2014 йил 14 февраль куни ўз уйида «Севишганлар куни» муносабати билан байрам оқшомини ташкил қилган беш нафар фуқарога нисбатан бундан аввалроқ чиқарилган шафқатсиз ҳукмни ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда мамлакат газетаси «Ал-Оказ»га таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Ёшларнинг ҳар бири 1000—1500 дарра уришга маҳкум этилиб, беш йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилинди. Қамоқ жазосини ўтагач эса, уларнинг яна шунча муддат давомида хорижга чиқиши тақиқланади.
Жорий йилнинг 14 февраль куни Эзгуликни ҳимоя қилиш ва иллатларни олдини олиш комиссияси ҳузуридаги Саудия Арабистони махсус диний полицияси томонидан амалга оширилган рейд доирасида олти қиз ҳамроҳлик қилган беш нафар саудиялик (шулардан уч нафари Қироллик хавфсизлик кучлари ходими) қўлга олинган эди.
Улар қўлга олинган вақтда хонадонда бўлган енгил алкоголь ичимликлар, юрак шаклидаги безаклар, шам ва қизил атиргуллар судланувчиларга қўйилган айблов далили бўлиб хизмат қилган. Бундан ташқари, уларнинг ўзи ҳам «Авлиё Валентин кунини нишонлагани ва рақсга тушгани»ни омма олдида тан олган.
Маълумот учун, Саудия Арабистонида «Севишганлар куни»ни нишонлаш тақиқланган. Унга риоя этилишини Эзгуликни ҳимоя қилиш ва иллатларни олдини олиш комиссияси ҳузуридаги Саудия Арабистони махсус диний полицияси назорат қилади.
Изоҳ (0)