«Перчини» ва People’s ресторанлари раҳбарлари Новосибирскда савдо марказлари учун янги шарқона кўринишдаги тармоқнинг биринчи филиали — «Чучвара» кафесини ишга туширди. Бу ҳақда «НГС Новости» хабар берди.
«РМ Консалтинг» компанияси иш юритувчиси Елена Неволинанинг сўзларига кўра, «Чучвара» тармоғи лойиҳаси икки йил ичида барча катта савдо марказлари, хусусан, янги қурилаётган «Новосибирск галереяси»ни ҳам эгаллаб олади. Лойиҳа доирасида жами тўртта кафе очилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ҳозирда савдо марказлари билан музокаралар олиб борилмоқда.
«Перчини», People’s, Park Cafe ва New York Pizza Novosibirsk ресторанлари қарашли бўлган «РМ Консалтинг» компанияси «Чучвара»ни замонавий шарқона кўринишга эгалигини таъкидлаб, ўзбекистонлик ошпазлар томонидан тайёрланадиган ўзбек таомлари мижозларга европача хизмат орқали тақдим этилишини қайд этди.
Кафенинг асосий таоми чучвара бўлиб, уни 190 рубль (тахминан 12 400 сўм)га харид қилиш, шу билан бирга унинг тайёрланиш жараёнини овқатланиш залидан туриб кузатиш мумкин. Бундан ташқари, менюга ош (тахминан 19 000 сўм), сомса (7900 сўм), шўрва (17 000 сўм) каби ўзбек таомлари ҳам киритилган.
Мазкур лойиҳага ажратилган маблағ миқдори сир сақланмоқда. Бироқ харажатлар тахминан 1,5 йил ичида қопланиши маълум қилинди.
Иш юритувчининг айтишича, ҳозирданоқ муассаса яхши натижа кўрсатмоқда. «Чучвара»га, асосан, шарқ таомлари ихлосмандлари бўлган эркаклар ташриф буюриб, уни шаҳардаги «Баранжар» ва «Ажикинежал» кафелари билан солиштирмоқда.
Изоҳ (0)