Уммон султонлиги ташқи ишлар вазирлиги бош котибининг аёли Нора ад-Даҳир бир неча соатда икки миллион фунт стерлинг ютқазгач, Лондондаги The Ritz казиносига қарши даъво аризаси билан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда Буюк Британиянинг Daily Mail нашрига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
50 ёшли ад-Даҳир сўзларига кўра, унинг казино ўйинларига боғланиб қолганидан хабардор бўлган муассаса ходимлари аёлни тўхтатиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган. Уни ҳеч ким тўхтатмагани боис ад-Даҳир шундай катта миқдорда пул ютқазиб қўйган.
Нашрда қайд этилишича, Нора ад-Даҳирнинг Лондон казиносидаги ўйинлари учун сарфланадиган маблағ 1,7 миллион фунт стерлинг билан чеклаб қўйилган. Бироқ бой берилган маблағ миқдори чегарага етгач, унинг қиймати казино ходимлари томонидан икки миллион фунт (3,4 миллион доллар)гача кўтарилган.
Муассаса ходимлари ўзларига қўйилган айбни тан олмаяпти. Улар ўйин давомида ад-Даҳир нархларни ўзи белгилагани, бунинг учун аёлга босим ўтказилмаганини таъкидламоқда.
Айни дамда Нора ад-Даҳирга қарши у тақдим қилган чекларнинг айримлари таъминланмагани юзасидан айб қўйилди.
Нора хоним танишларининг айтишича, у ўйинларга тобе бўлиб қолгани боис ҳар йили турли мамлакатларда катта маблағ ютқазади.
Изоҳ (0)