Тошкентда Ўзбекистон шароитида хонбалиқ етиштиришнинг замонавий технологияларига бағишланган семинар-тренинг бўлиб ўтди. Мазкур семинар-тренингдан кўзланган мақсад соҳада орттирилган илмий тажрибани фермерлар, тадбиркорлар ўртасида кенг оммалаштириш, балиқчилик тармоғини ривожлантиришга кўмаклашишдир, дея хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон Фанлар академияси Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти ва Глобал экологик жамғарманинг кичик грантлар дастури ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, жамоат ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар, фермерлар, тадбиркорлар иштирок этди.
— Асли ватани Шимолий Америка бўлган хонбалиқ табиий шароитга мослашувчанлиги, озуқани фаол истеъмол қилиши, тез кўпайиши, сердаромадлилиги жиҳатидан дунёнинг кўплаб минтақаларида тадбиркорлик ҳамда экотуризмнинг муҳим объекти бўлиб хизмат қилмоқда, — дейди ЎзФА Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти гидрогеология ва ихтиология лабораторияси катта илмий ходими Бахтиёр Комилов. – Асосан, тоғолди ва тоғли ҳудудларда, совуқ сувда яшашга мослашган бу балиқни ҳатто қиш кунларида ҳам кўпайтириш имконияти мавжуд.
Семинар-тренинг доирасида Юнусобод туманида жойлашган «Зенит электроникс» масъулияти чекланган жамиятидаги хонбалиқ етиштиришга ихтисослашган ёрдамчи хўжаликнинг инкубация цехи ва сунъий сув ҳавзасига экспедиция ташкил этилди.
— Хонбалиқ дармондориларга бойлиги, тўйимлилиги, уни йил бўйи боқиш, кўпайтириш, маҳсулотни эл дастурхонига етказиб бериш, шунинг баробарида экспортни йўлга қўйиш имкониятлари мавжудлиги бизга, айниқса, манзур бўлди, — деди Бўстонлиқ туманидан келган тадбиркор Улуғбек Орипов.
Изоҳ (0)