Жаҳон чемпионати бошланиши олдидан кўп бора тилга олиниб келинган Бельгия терма жамоаси ҳам мундиалдаги биринчи учрашувини ўтказди. Вилмоц шогирдлари биринчи турда Жазоир терма жамоаси билан баҳс олиб боришди. Бу ҳақда «ОламСпорт» хабар берди.
Биринчи бўлим африкалик футболчиларнинг фаоллиги ва ҳимоядаги интизомли ўйини билан эсда қолди. Бельгияни яққол фаворит деб билган мухлислар ҳайратда қолган бўлишса ажаб эмас. Биринчи бўлимнинг 25-дақиқасида Фегулининг 11 метрлик жарима зарбасини бехато бажариб, Жазоирни ҳисобда олдинга олиб чиқиши яна бир кутилмаган ҳолат бўлди.
Иккинчи бўлимда Бельгия ўз мухлислари олдида ўйинда бурилиш ясаши керак эди. Кетма-кет ҳужумларни ёғдиришни бошлаган Вилмоц жамоаси Жазоир дарвозаси олдида катта босим уюштира бошлади. Бельгияликлар устози иккинчи бўлим аввалида Мертенс, кейинчалик Дивок Ориги ва Феллайни каби футболчиларни майдонга ташлади. Айнан шу футболчилар ёрдами билан Бельгия ўзига билдирилган ишончни оқлай бошлади.
Учрашувнинг 70-дақиқасида Феллайни жарима майдончаси ичида Де Бруйнедан ажойиб тўп узатишни кутиб олди ва боши билан жуда чиройли тарзда Раис қўриқлаган дарвозани нишонга олди. Бельгия ҳисобни тенглаштирди.
Учрашув якунланишига 12 дақиқа вақт қолганида де Бруйненинг жонбозлиги туфайли Бельгиянинг навбатдаги ҳужуми бошланди. Ушбу ҳужумни Эден Азар ривожлантирди ва якуний зарбани Мертенс аниқ йўллаб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди — 2:1. Учрашув сўнгига қадар ушбу ҳисоб ўзгармади ва Бельгия иродали ғалабани тантана қилди.
Бельгиянинг кейинги рақиби Россия терма жамоаси бўлади.
Изоҳ (0)