АҚШ махсус хизмати собиқ ходими Эдвард Сноуден Бразилия ҳукуматига расман мурожаат қилиб, унга вақтинчалик бошпана беришларини сўраганини билдирди. У бундай сўровларни бошқа қатор давлатларга ҳам юборганини таъкидлади. Бу ҳақда Agence France-Presse хабар берди.
Бироқ Бразилия ташқи ишлар вазирлиги собиқ махсус хизмат ходимидан бундай мурожаат келиб тушмаганини айтишган.
Globo TV телеканалига берган интервьюсида Сноуден шунингдек, АҚШ ҳукумати унинг паспортини бекор қилиш қарорини чиқарганига нисбатан фикр билдирди. «Бу билан АҚШ ҳукумати мени рус шпиони қилиб кўрсатмоқчи», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, америкалик билан боғлиқ можаро 2013 йил июнида келиб чиққан эди. Ўшанда у АҚШ махсус хизматлари интернет ва мобил алоқа орқали бутун дунёдаги фойдаланувчиларни кузатиб боргани ҳақидаги махфий ахборотларни фош этган эди.
2013 йилнинг 1 август куни эса Россия ҳукумати АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими бир йиллик муддатга вақтинчалик бошпана беришга қарор қилган эди.
Изоҳ (0)