Самарқандда «Адабиётга эътибор – келажакка, маънавиятга эътибор» шиори остида Китоб байрами бўлиб ўтди, деб хабар беради ЎзА.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги, матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда китоб савдоси билан шуғулланувчи корхоналар, ахборот кутубхона ва ресурс марказлари, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, халқ таълими муассасалари томонидан адабий, илмий-оммабоп, ижтимоий-сиёсий китоблар, дарслик ва ўқув қўлланмалар намойиш этилди.
Тадбир доирасида самарқандлик шоир ва ёзувчиларнинг йигирмадан зиёд янги асарлари тақдимоти, китоб муаллифлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари ва ёш ижодкорлар иштирокида давра суҳбатлари, ижодий учрашувлар ўтказилди. «Китобдан яхши дўст бўлмас», «Одамийлик китобга бўлган эҳтиромдан бошланади» каби мавзуларда интеллектуал ўйинлар, «Намунали китоб дўкони», «Китобхон оила» танловлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимида ўтказилган илмий-амалий конференцияда ижодкорлар, таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ёшларни турли ёт ғоя ва оқимлар таъсиридан асраш, уларни юксак маънавиятли инсонлар этиб камолга етказишда китобнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритиб, бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга тўхталди.
Изоҳ (0)