Ўзбекистоннинг биринчи рақамли ракеткаси Денис Истомин Германиянинг Дюссельдорф шаҳридаги теннис турнирида финал остонасида ўз юришини тўхтатишга мажбур бўлди. Бу ҳақда «Olamsport» хабар берди.
Денис ярим финалда турнирнинг биринчи ракеткаси, дунё рейтингида 29-ўринни эгаллаб турган Филипп Колшрайберга қарши кортга чиқди. Бир соату 54 дақиқа давом этган баҳсда Истомин Колшрайберга 6:2, 4:6, 6:4 ҳисобида имкониятни бой берди.
Таъкидлаш жоиз, бу теннисчиларнинг ўзаро бешинчи тўқнашуви бўлиб, шу пайтгача ўтказилган барча учрашувларда Истоминнинг қўли баланд келган эди.
«Olamsport» маълумотига кўра, Денис Истомин энди Франция пойтахти Париж шаҳрига йўл олади. 25 май куни Парижда «Катта Дубулға» туркумига кирувчи, йилнинг тўртта йирик турниридан бири «Ролан Гаррос» мусобақасининг асосий тур баҳсларига старт берилади.
Асосий турга қуръа ташлаш маросими натижаларига кўра, Денис Истомин биринчи даврада украиналик Сергей Стаховский билан беллашади.
1986 йили таваллуд топган Стаховский айни пайтда дунё рейтингида 86-ўринни эгаллаб турибди. Денис украиналик теннисчи тўсиғидан муваффақиятли ўтиб олса, иккинчи босқичда катта эҳтимол билан яна Филипп Колшрайберга дуч келади.
Изоҳ (0)