Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашида Суриядаги эҳтимолий ҳарбий жиноятлар бўйича ишни Халқаро жиноят судига тақдим этишни кўзда тутувчи резолюция лойиҳасига вето қўйди. Хавфсизлик Кенгашининг қолган 13 аъзоси, жумладан унинг доимий аъзолари – АҚШ, Франция ва Буюк Британия ҳужжат лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Маълум бўлишича, Москва ва Пекин Сурия муаммоси бўйича тўртинчи марта вето ҳуқуқидан фойдаланган. Франция томонидан тайёрланган бу галги резолюция Сурия ҳукумати ва Башар Асад режими тарафдори бўлган ҳарбийлашган гуруҳларнинг инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар ҳуқуқларни бузаётганини қоралаган.
Россиянинг доимий вакили Виталий Чуркин резолюция лойиҳасини Сурия муаммосига сиёсий ечим топишга ҳалақит берадиган «реклама ҳийласи» деб атади. «Резолюция қабул қилинганида, низога зўравонлик билан аралашувга йўл очилар эди», - деди у.
Чуркин Сурия масаласи бўйича музокараларни вақтинча тўхтатиб туришни таклиф қилди. Ўз навбатида, АҚШ вакили «Россия Федерациясининг Сурия режимини қўллаб-қувватлаш қарори туфайли Сурия халқи ҳеч қачон адолатдан ёлчимаслиги»ни таъкидлади.
Маълумот ўрнида: БМТ Уставининг 27-моддасига биноан БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари вето ҳуқуқига эга. Хавфсизлик Кенгашида муҳокама қилинадиган масалалар Кенгаш аъзоларининг бир фикрда бўлишини талаб қилади. Улардан бирортаси муҳокама қилинаётган қарорнинг қабул қилинишига розилик билдирмаса, қарор рад қилинган ҳисобланади.
Изоҳ (0)