Россия Ўзбекистонга одам савдоси билан шуғулланувчи Ўзбекистон фуқароси Умиджон Фатуллаевни топширди, дея хабар берди РФ прокуратураси матбуот хизмати.
«Anhor.uz» нашрининг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан Фатуллаевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси «г» банди бўйича (уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш) қидирув эълон қилинган.
Маълум бўлишича, 2012 йилда у ўзига ҳамюрт бўлган икки ёш қизни официантлик билан шуғулланиб катта пул топиш ваъдаси билан Таиланд Қироллигининг Паттайя шаҳрига келтирган ва уларга жисмоний зўравонлик ўтказиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилган.
2013 йил ноябрида давлатлараро қидирувда бўлган Фатуллаев Россия ИИВ шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинган ва 2014 йил баҳорида Ўзбекистонга топширилган. У 8 йилдан 12 йилгача қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.
Изоҳ (0)