“Манчестер Сити” ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд “шаҳарликлар” УЕФА Чемпионлар Лигасига йўлланмани қўлга кирита олмаса, клубни тарк этишга тайёр. Ҳозирда “Сити” Англия Премьер Лигаси турнир жадвалида бешинчи ўринда бормоқда ва бу уларга ЕЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш учун етарли бўлмаслиги мумкин. Бу ҳақида Caughtoffside нашри хабар берди.

Хабарларга кўра, “Манчестер Сити” бош мураббийи Пеп Гвардиола норвегиялик ҳужумчининг жамоадан кетишига рози эканини билдирган. Аммо мураббий жамоага муносиб ўринбосар топиш учун вақт кераклиги сабабли ушбу трансфер 2026 йил ёзида амалга ошишини истамоқда.
Мадриднинг “Реал” клуби Ҳоландга жиддий қизиқиш билдирмоқда ва ёзда ўз сафига қўшиб олишни режалаштираётганини маълум қилган. Манбага кўра, “қироллик клуби” футболчининг трансфери учун 100 миллион евро тўлашга тайёр, бу эса жаҳон даражасидаги ҳужумчи учун етарли нарх сифатида баҳоланмоқда.
Шу тариқа Эрлинг Ҳоланднинг келажаги “Манчестер Сити” Чемпионлар Лигасига йўл олиши ёки олмаслигига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Агар клуб АПЛда кучли 4 ликка кира олмаса, футболчининг жамоадан кетиш эҳтимоли ошиши мумкин.
Маълумот учун, “шаҳарликлар” ҳозирда Англия чемпионати турнир жадвалида 48 очко билан 5-ўринда бормоқда. “Сити”дан бир поғона юқорида жойлашган “Челси” ҳисобида эса 49 очко мавжуд.
Изоҳ (0)