“Покистон уруш эмас, тинчлик истайди”, деди Покистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Аҳмад Фаруқ “Дарё” нашрига берган эксклюзив интервьюсида. У Исломободнинг минтақавий зиддиятлар борасидаги позицияси, терроризмга қарши кураши ва Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни чуқурлаштиришга оид режалари ҳақида баён қилди.
Элчи суҳбатни Жанубий Осиёдаги зиддиятли вазиятга баҳо беришдан бошлади. У Покистоннинг бу борадаги позицияси тинчликсевар ва масъулиятли эканини қатъий таъкидлаб, бу айниқса оммавий қирғин қуролига эга бир неча давлатлар жойлашган минтақа учун алоҳида аҳамиятга эгалигини урғулади.
“Биз масъулиятли ва тинчликсевар давлатмиз. Ядровий қуролланган минтақа — Жанубий Осиёда тинчликни сақлаш устувор аҳамиятга эга”, деди элчи Фаруқ.
Покистон айбловларни рад этади
Элчи Ҳиндистоннинг Паҳалгам шаҳрида содир бўлган фожиада тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини кескин қоралади. У Покистон ҳар доим терроризмни қоралаб келганини таъкидлаб, Ҳиндистон томони тергов ўтказилмасдан туриб бунда Исломободни айблаганидан норозилик билдирди.
“Бу фожиага қарамай, биз ўзимизни тийиб турдик, ҳатто айбловларни халқаро, мустақил тергов орқали ўрганишни таклиф қилдик. Ҳиндистон билдирган даъволарни тасдиқловчи бирор қатъий далил йўқ”, деди у.
Элчи зиддиятларни бартараф этиш учун тинчлик ва фаровонлик муҳим эканини айтди. У, шунингдек, Покистон уруш истамаслигини ва ҳеч қачон қуролли можаро тарафдори бўлмаганини қўшимча қилди. Бироқ суверенитет таҳдид остида бўлса, унинг мамлакати бунга тўлиқ ҳарбий қувват билан жавоб беришга мажбур бўлишини алоҳида таъкидлади.

Элчи 7 май куни Ҳиндистон томонидан берилган зарбаларга аниқлик ва масъулият билан жавоб қайтарилгани, бунда тинч аҳолидан қурбонлар бўлмаслигига эътибор қаратилганини таъкидлади.
“Биз ибодатхоналарни — черков, масжид, бутхона ва гурдвараларни нишонга олмаймиз. Ҳарбий нишонларимиз аниқ белгиланган ва танланган. Бу бизнинг профессионаллик ва инсонпарварлик мезонларимиздан далолат беради”, деди у.
Элчининг айтишича, Паҳалгамдаги фожиадан сўнг Покистонга қилинган ҳужумлар айнан тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларга йўналтирилган. Бироқ Покистон бунга жавобан фақат ҳарбий инфратузилмага зарба бериб, тинч аҳоли орасида талафот бўлишининг олдини олган.
Покистон бош вазири ҳужумлар пайтида етти яшар бола вафот этгани ҳақида гапириб, чуқур қайғу билдирди. У халқаро ҳамжамиятни бундай фожиаларга бефарқ бўлмасликка чақирди.
“Еттидан саккиз ёшгача бўлган болалар — бу жангчилар эмас. Уларнинг ҳаёти худди бошқаларники каби қадрлидир. Бундай фожиалар рўй бераётганида, биз эскалация оқибатлари ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз керак”, деди элчи.
Элчининг таъкидлашича, Покистон шиддатли жавоб қайтарган бўлса-да, у ўзини ҳимоя қилиш тамойили ва профессионал ҳарбий меъёрларга амал қилган.

Бир неча кун давом этган қуролли можародан сўнг халқаро ҳамжамият воситачилигида ўт очишни тўхтатиш режими жорий этилди. Бироқ элчининг фикрича, бу фақат вақтинчалик тинчликдир — асосий масалалар ҳал этилмагунча, барқарор осойишталик бўлмайди.
Аҳмад Фаруқ барқарор тинчликка тўсиқ бўлаётган учта асосий масалани санади:
1. Жамму ва Кашмир муаммоси:
- Покистон бу масалани асосий низоли нуқта деб билади. Президент Дональд Трамп ҳам илгари Кашмир бўйича тўхталиб, “бу ҳал этилиши керак” деган эди.
2. Сув хавфсизлиги:
- Ҳинд дарёси бўйича Ҳиндистон ва Покистон ўртасида тузилган сув битими (Индус Waterс Треатй) қайта кўриб чиқилиши зарур. Бу муаммо стратегик ресурслар устидан низога айланиши мумкин.
3. Терроризм:
- Покистон ўзини терроризм қурбони деб ҳисоблайди, ташкилотчиси эмас. Терроризм сабаб сўнгги 10 йилда мамлакатда 100 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 150 миллиард доллардан зиёд иқтисодий зарар кўрилган.
Элчининг айтишича, Покистонда давлат томонидан молиялаштирилган терроризмга оид ишончли далиллар мавжуд ва бу масалалар Ҳиндистон билан тўғридан тўғри кўриб чиқилиши керак.

Элчига кўра, Покистон ички ва ташқи таҳдидларга қарши комплекс аксилтеррор стратегияларини ишлаб чиқди, жумладан:
- Ҳарбий операциялар,
- Махсус хизматлараро разведка ҳамкорлиги,
- Қуролли кучларнинг жанговар шайлиги,
- Экстремистик ғояларга қарши мафкуравий кураш.
Маълум қилинишича, ушбу соҳадаги ютуқлар халқаро майдонда тан олинган. Айрим давлатлар Покистондан терроризмга қарши кураш бўйича тренинг ва ҳамкорлик сўраган.
“Терроризм хавфи бор, лекин биз унга қарши курашишга қатъиян бел боғлаганмиз. Фуқароларимиз хавфсизлиги — давлатнинг устувор вазифасидир”, дейди элчи.
У Покистон тинчлик тарафдори бўлиб қолишини қайта таъкидлади. Аммо доимий тинчлик учун авваламбор чуқур илдизга эга муаммоларни ҳал қилиш зарурлигини билдирди.
“Агар сиз барқарор тинчликни истасангиз, бу масалаларни ҳал қилиш керак. Акс ҳолда, ҳар доим шунга ўхшаш можаро хавфи сақланиб қолади”, деди у.
Ўзбекистон—Покистон савдо айланмаси: 400 миллиондан 2 миллиард долларга
Суҳбат давомида элчи икки томонлама муносабатларга эътибор қаратди. Унга кўра, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо ҳажми 2025 йилгача 2 миллиард долларга етказилиши режалаштирилган. Бу кўрсаткич 2025 йил февралида бош вазир Шаҳбоз Шарифнинг Тошкентга ташрифи чоғида белгиланганди.
2024 йилда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 400 миллион долларлик чизиқни кесиб ўтган. Элчининг айтишича, ҳозирда бу кўрсаткични янада ошириш учун кенг кўламли стратегик ишлар олиб борилмоқда.
Бу йўналишда қуйидагилар кўзда тутилган:
- ишбилармон доиралар ўртасида алоқаларни кучайтириш,
- ҳамкорлик соҳаларини тўқимачиликдан ташқари фармацевтика, кончилик ва электрон савдога кенгайтириш,
- санитария ва фитосанитария стандартларини мувофиқлаштириш,
- молиявий транзакцияларни соддалаштириш (жумладан, марказий банклар орқали).
Элчининг айтишича, ҳозирда Ўзбекистонда Покистон билан ҳамкорликда қурилган 150–200 миллион доллар қийматидаги 128 та қўшма корхона фаолият юритмоқда.
“Бу мавжуд салоҳиятнинг кичик бир қисми холос. Покистоннинг Тошкентдаги элчихонаси ишбилармон доираларни бирлаштиришда фаол рол ўйнамоқда. Биз Покистон компанияларидан Ўзбекистонда улар билан бизнес қилиш истагида бўлганлар бор ёки йўқлиги, агар бўлса, потенциал ҳамкорлар билан боғлаш учун қандай имкониятлар мавжудлиги ҳақида сўровлар оламиз. Худди шундай, Покистонга маҳсулот жўнатмоқчи бўлган ўзбекистонлик ишбилармонлар ҳам ишончли ҳамкорлар бўйича тавсиялар сўраганини эшитамиз”, дея қўшимча қилди у.

Қўшма логистик компания: келишув йўлида
Ўзбекистон–Покистон ўзаро келишган энг муҳим ташаббуслардан бири қўшма транспорт-логистика компанияси ташкил этишдир. Ҳозирда томон музокара олиб бормоқда. Элчи бу йирик лойиҳа эканини, шунинг учун пухта ёндашув зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Тошкент ҳам, Исломобод ҳам масалага жиддий ёндашаётганини қўшимча қилди.
Элчи, бундан ташқари, савдо уйлари ташкил этиш ташаббуси ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, денгиз портларга яқинлик муҳим бўлса-да, муваффақият самарали сиёсат ва оператив ечимлар билан белгиланади.
Кўп йўналишли стратегия
Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли муносабатлар минтақавий боғлиқликни ривожлантиришга ёрдам беради. Бу икки давлат тадбиркорларига ўзаро савдони осон ва самарали олиб бориш имконини яратишга қаратилган.
Стратегиянинг асосий мақсади транспорт тизимларини соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни камайтириш ва расмий жараёнларни енгиллаштириш орқали Ўзбекистон ва Покистон тадбиркорлари учун чегаралар орқали товар жўнатишни осонлаштиришдир.
Савдо уйлари орқали молиявий марказларни боғлаш
Ушбу стратегиянинг марказий нуқталаридан бири — Карачи, Лахор ва Тошкент каби йирик молиявий марказларда савдо уйлари ташкил этишдир. Қайд этилишича, бу ташаббус:
- молиявий марказлар ва бизнес ҳамжамиятларни боғлайди,
- тадбиркорларга керакли маълумотларни тезкор олишга ёрдам беради,
- икки томонлама савдони кучайтиради.
“Агар сиз бизнес учун шароитни осонлаштирсангиз, бу уларнинг фойдасига ишлайди”, деди элчи Фаруқ.
Унинг таъкидлашича, ҳукуматлар савдо муҳитини доимий равишда яхшилаб боришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Бунга бож тўсиқларидан ташқари (нон-тарифф барриэрс) муаммоларни ҳал этиш, чегарадаги тартибларни соддалаштириш, ва тартибга солувчи меъёрлар ўртасидаги зиддиятларни бартараф этиш кабилар киради.
Элчи, шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон имтиёзли савдо битимини кенгайтириш устида ишлаётганини, асосий мақсад хусусий сектор учун чегаралар оша савдони янада осон ва даромадли қилиш эканини таъкидлади.
“Давлатнинг вазифаси — бу жараённи енгиллаштириш ва бизнес учун қулай муҳит яратишдир”, деди элчи.
Таълим ва маданий алоқаларни кучайтириш
Бугунги кунда мингдан ортиқ покистонлик талаба Ўзбекистонда, асосан, тиббиёт йўналишларида таҳсил олмоқда. Элчи Фаруқнинг айтишича, икки давлат таълим ва касбий имкониятларни кенгайтириш, ёшлар ва академиклар алмашинувини фаоллаштириш, университетлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алоқаларни кучайтиришга қаратилган ташаббуслар устида ишламоқда.
У, шунингдек, икки халқ ўртасидаги чуқур тарихий ва маданий ришталарни эслатди ва бу соҳаларда ҳамкорлик учун улкан салоҳият мавжудлигини таъкидлади.
“Талабалар алмашинуви, ёшлар дастурлари, таҳлил марказлари ва университетлар ўртасидаги ҳамкорлик орқали муносабатлар чуқурлашади”, деди у.
Элчи ҳар икки мамлакатнинг бой маданий мероси ҳақида сўз юритар экан, туризм ва маданий алмашинувни рағбатлантириш зарурлигини айтди.
“Биз ўзаро тушунишни чуқурлаштириш, янги алоқалар ўрнатиш учун имкониятлар яратмоқчимиз — бу талабалар ва мутахассислар ўсиши учун зарур”, деди у.
Келажак режалари
Элчи Фаруқ 2025 йил февраль ойида Тошкентда ўтказилган Покистон–Ўзбекистон бизнес форуми ҳақида тўхталди. Ушбу тадбирда икки давлатнинг етакчи ишбилармонлари иштирок этган ва у янгича алоқалар ўрнатиш ҳамда янги имкониятлар муҳокамасига замин яратган.
Форумда Ўзбекистон президенти ва Покистон бош вазири иштирок этгани ҳукуматлар ушбу масалага жиддий қараб, масъулият билан ёндашаётганидан далолат берди.
“Агар энг юқори даражадаги раҳбарлар тадбирга ташриф буюрса, бу бизнес ҳамжамиятига аниқ сигнал: давлат уларнинг ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаяпти. Бу ишонч уйғотади”, деди элчи.
Аҳмад Фаруқ келгусида ҳам яна бир неча йирик ишбилармонлик тадбирлари режалаштирилаётганини, бироқ барча тафсилотларни очиқлай олмаслигини маълум қилди.
Изоҳ (0)